Ўзбекистонда маҳалла институти - инсон қадрини юксалтиришнинг муҳим платформасидир
Маҳалла – халқ билан мамлакат ўртасидаги ишонч кўприги сифатида хизмат қиладиган, инсонни жамиятнинг бир қисми бўлишга ўргатадиган, уни бағрикенглик ва халқпарварлик руҳида тарбиялайдиган макондир. Мамлакатимизда 9 435 та маҳаллалар бўлиб, уларнинг ўзига хос номлари бизга тарихдан сўзлайди. Чунки уларда халқимизнинг узоқ ва шонли тарихи, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаёти, маданий мероси акс этади.
Бугун маҳалла ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳаларида фаол иштирок этяпти. Тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш, барча-барча масалаларда маҳалланинг иштироки катта аҳамиятга эга бўлиб боряпти. Маҳалла институтини ислоҳ қилишнинг бош мақсади аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш ва аҳолига хизмат кўрсатишни сифат даражасини оширишдир.
Маҳалла ва ундаги бошқарув – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сиймосида бугун фақат бир жамоа ёки яшаш масканигина эмас, балки аҳолининг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий фаоллигини ошириш, ўзбек халқининг тарихан қарор топган қадриятларига бўлган ҳурмат, ўзаро муносабатларда одоб, ахлоқ, жамият олдидаги мажбуриятларни сўзсиз бажариш ва масъулликнинг ўзига хос бўлган тамойиллари асосида бошқариладиган ташкилотдир.
Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг обрўйи, нуфузи ва давлат яхлитлиги, халқнинг бирдамлигини таъминлаш бир қатор давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ваколатларини маҳалла институтига олиб бериш, аҳолини давлат бошқарувига яқинлаштириш орқали, уларнинг давлатга ишончи ва умидини ошириш билан инсон қадрини улуғлаш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида муҳим устувор йўналишлар қаторида халқ хизматидаги давлат ташкил этиш ва жамоатчилик бошқарувини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатлар белгилангани эътиборга молик. Унинг 74-мақсади аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудларда кундалик масалаларни ҳал этишда маҳаллани жамоатчилик ҳамда давлат органлари ўртасидаги “таянч кўприк”ка айлантирилиши кўрсатиб ўтилди.
Ўз навбатида, молия, солиқ, бандлик каби идораларнинг камида
30 фоиз ваколатларини маҳалла даражасига тушириш, маҳаллаларда
100 дан ортиқ давлат хизматларини “бир қадам”да кўрсатишни йўлга қўйиш назарда тутилди.
Янги шакллантирилган тизимнинг аҳамиятли жиҳати, “маҳалла еттилиги” томонидан маҳалланинг ички ресурсларини аниқлаш ҳамда уларни ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этишда кўмаклашилади. Маҳаллалардаги муаммоларнинг ўз вақтида ва самарали ечилишида давлат органлари ва ташкилотларининг маҳаллалардаги вакиллари саъй-ҳаракатлари бирлаштирилди.
Ўзбекистон Республикасида маҳалла институтини ҳуқуқий тартибга солувчи қонунчилик тизими яратилган. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 127-моддасида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари .... маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқароларнинг манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий ўзига хос хусусиятларидан, шунингдек миллий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этишга ҳақли” деб кўрсатилган. 2013 йил 14 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонуни маҳалла фаолиятини тартибга солувчи махсус қонун ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини ҳудудий оммавий жамоа деб эътироф этиш мумкин. Ўзбекистон Республикасида маҳалла институти оммавий-сиёсий ҳокимият таркибий қисми сифатида эътироф этилиши уларни нодавлат нотижорат ташкилотларидан табиатан мутлақо фарқ қилишини кўрсатади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари маъмурий ҳудудий бирликлар негизида ҳудудийлик принципига таянган ҳолда ташкил этилади.
Ҳозирги кунда маҳалла фаолиятини ва бошқарувини ислоҳ қилиш борасида бир қанча қонун ости ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори фаолият юритадиган “маҳалла еттилиги” ташкил қилинди.
2024 йил 1 январдан бошлаб барча туман ва шаҳарларда “Маҳалла бюджети” тизими амалиётга жорий этилди. Ҳар бир маҳаллага жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ундирилган маблағларнинг (нотурар жойлар бўйича ундириладиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бундан мустасно) 10 фоизи; маҳалла идоралари орқали кўрсатилган давлат хизматлари учун ундирилган йиғимнинг 10 фоизи; маҳалладаги ҳудуди 2 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини ҳокими ёрдамчиси онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотишдан тушадиган маблағлар (баҳолаш ва сотиш харажатлари чегирилган ҳолда); маҳалланинг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинадиган маблағлар йўналтириладиган бўлди.
Маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари” ва “драйвер” лойиҳаларни аниқлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш, маҳалла ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорликни ривожлантириш бўлаб, маҳаллабай ишлаш тизимининг асосий мақсади бўлган камбағалликни қисқартириш ва даромадларини оширишга қаратилган. Шу боис, Президентимиз ташаббуси билан халқимиз турмушини яхшилаш йўлида жуда катта вазифаларни амалга оширишга киришилди. Жумладан яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Камбағалликдан фаравонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришга қаратилган давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқди.
Шу билан биргаликда, Ўзбекистонда маҳаллаларни ижтимоий ва иқтисодий ривожлантиришнинг Сайхунобод, Уйчи, Ғиждувон ва Зарбдор тумани тажрибалари ҳам аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича Ўзбекистоннинг ноёб миллий тажрибасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган ҳужжатларда, аввало, фақат моддий қўллаб-қувватлаш эмас балки, комлекс иқтисодий, маънавий, ижтимоий ва тарбиявий тадбирлар эвазига мақсадга эришиш мумкинлиги мустаҳкамланмоқда. Ушбу ҳужжатларда аҳолини бозор иқтисодиёти шароитида психологик-мотивацион қуллаб қувватлаш механизмларнинг мавжудлиги диққатга сазовордир.
Режалаштирилаётган тадбирларни асосий жиҳатлари мамлакатимизда 2024-2025 йилларда аҳолини камбағалликдан чиқаришнинг йўналишлари ва ҳудудлар кесимида мақсадли кўрсаткичлар асосида тизимли ишларни амалга ошириш бўлмоқда. Энг оғир аҳволдаги 1000 та маҳалла негизида инфратузилмасини яхшилаш, ушбу маҳаллалардаги хонадонларнинг томорқа ерларини суғоришни яхшилаш, электр энергиясини барқарорлигини сақлаш, ички йўлларини таъмирлаш, интернет сифатини яхшилаш ишлари режалаштирилмоқда. “Яшил маҳалла” лойиҳаларини амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди.
Камбағал оилалар ягона саволномаси асосида баҳоланиши ва уларнинг ижтимоий портрети шакллантирилиши, ижтимоий ходим ва ҳоким ёрдамчиси томонидан ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, уй-жой, бандлик, таълим, хулқ-атвор йўналишларини қамраб олувчи оилани камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал режа ишлаб чиқилиши ва режани самарадорлиги ва натижадорлиги мониторинг қилиниши ишлари бошланди. Камбағал оилаларга 50 минг гектар ер майдонлари 30 йилга ижарага бериш кузланмоқда. Ҳудудлардаги 14 минг раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарларини камбағал оилаларга бириктириш амалиёти жорий этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги фармони билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташкил этилди.
Уюшманинг вазифалари қаторига: маҳаллалардаги муаммоларнинг ўз вақтида ва самарали ечилишида давлат органлари ва ташкилотларининг маҳаллалардаги вакилларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, мувофиқлаштириш ва йўналтириш;
маҳалланинг молиявий имкониятларини ошириш, камбағал оилаларга ажратилаётган бюджет маблағлари ва бошқа маблағларнинг мақсадли ва манзилли йўналтирилишини таъминлаш;
маҳаллаларнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш, уларга ажратиладиган маблағларни марказлашган тарзда тақсимлаш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
маҳалла масъулларининг малакасини ошириш, уларда замонавий бошқарув кўникмалари шаклланишига кўмаклашишдан иборат бўлди.
Ўзбекистонда ўтган йилларда 3,5 миллион нафар одамни даромадли қилиш орқали 2023 йил якуни билан камбағаллик даражаси 11 фоизга тушди.
Шавкат Асадов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси “Давлат тузилиши ва бошқарувининг ҳуқуқий асослари” кафедраси профессори, ю.ф.д.
+99893 595 28 61)