Ўзбекистонда қонун ижодкорлиги халқаро тажриба ва миллий амалиётга асосланади
Давлатимиз тараққиёти янги босқичга қадам қўйган ҳозирги даврда ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини модернизация қилиш ва ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда қонун ижодкорлиги фаолияти алоҳида долзарблик касб этиб, давлат бошқаруви самарадорлигининг муҳим омилига айланмоқда. Мамлакатимизда рўй бераётган чуқур ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, халқаро майдондаги интеграция жараёнларининг фаоллашуви, шунингдек, глобал рақамлаштириш тенденциялари қонун ижодкорлиги фаолиятини тубдан такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Институционал ўзгаришлар ёхуд қонунлар сифатига эътибор
2018 йилда қабул қилинган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси соҳада туб бурилиш ясади. Мазкур ҳужжат норма ижодкорлиги фаолиятининг институционал, ҳуқуқий ва ташкилий асосларини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, илгари қонуности ҳужжатлари қонунларнинг ижро механизмини белгилаб берувчи асосий восита бўлиб келган бўлса, бугунги кунда қонунларнинг тўғридан-тўғри амал қилиши устуворлик касб этмоқда.
Қонун ижодкорлигининг институционал тузилмасини такомиллаштириш борасида сўнгги йилларда қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил этилди ва парламент фаолияти илмий жиҳатдан таъминланди.
Бу борада эришилган ютуқлар халқаро рейтингларда ҳам ўз аксини топмоқда. Охирги 6 йил ичида Ўзбекистоннинг “Қонун устуворлиги” (Rule of Law) индекси бўйича 5 поғона, “Жаҳон бошқарув кўрсаткичлари” (WGI) индексида эса 24 поғона юқорилагани фикримизнинг яққол далилидир. Бу кўрсаткичлар ортида изчил ислоҳотлар, тизимли ўзгаришлар ва қонун ижодкорлиги сифатини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар мужассам.
“Ақлли тартибга солиш” (Smart regulation) тамойилларининг жорий этилиши қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига олиб келди. Бу модель доирасида қонун лойиҳаларининг жамият ҳаётига таъсирини баҳолаш (Regulatory Impact Assessment), тартибга солиш юкини камайтириш (Regulatory burden reduction) каби замонавий воситалар қўлланилмоқда.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда халқаро тажриба ва миллий қонунчилик амалиётини уйғунлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Масалан, Германия, Япония, Жанубий Корея каби ривожланган давлатларнинг қонун ижодкорлиги соҳасидаги тажрибаси чуқур ўрганилиб, миллий шарт-шароитларни инобатга олган ҳолда жорий этилмоқда.
Ҳар қандай ҳуқуқий давлатда барча муносабатлар қонун нормаларига асосланади
2023 йил мамлакатимиз ҳаётида туб бурилиш ясаган янги Конституциянинг қабул қилиниши билан алоҳида тарихий аҳамият касб этди. Янгиланган Асосий қонунимиз халқимизнинг азалий қадриятлари, бугунги кун талаблари ва эртанги кун истиқболларини уйғунлаштирган ҳолда, қонун ижодкорлиги соҳасида ҳам муҳим янгиланишларга замин яратди. Конституциямизнинг 98-моддасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг ваколатлари кенгайтирилиб, уларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштироки янада фаоллаштирилди. Бу эса қонун ижодкорлиги жараёнининг демократик тамойиллар асосида ривожланишига хизмат қилмоқда.
Давлат бошқаруви механизмлари, аввало, норма ижодкорлиги, хусусан қонун ижодкорлиги фаолияти орқали амалга оширилиши бугунги кунда ўз исботини топган ҳақиқатдир. Қонун ижодкорлиги – бу мураккаб, кўп босқичли ва серқирра жараён бўлиб, унинг самарадорлиги бевосита қабул қилинаётган ҳуқуқий нормаларнинг ҳаётийлиги ва халқчиллигига боғлиқ. Зеро, ҳар бир фуқаро ҳуқуқий нормаларда ўз ҳаёти, фаровонлиги ва келажагининг ҳуқуқий кафолатларини кўришни истайди.
Қонун ижодкорлиги фаолиятида жамият эҳтиёжларини чуқур ўрганиш, ижтимоий муносабатларнинг ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олиш ва истиқболли прогнозлаш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, бугунги шиддат билан ўзгараётган дунё шароитида қонун ижодкорлигининг сифати ва самарадорлигини ошириш, қонунларнинг барқарорлигини таъминлаш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда.
Глобал инновациялар, рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши ва янги ижтимоий муносабатларнинг пайдо бўлиши қонун ижодкорлиги фаолиятига янгича ёндашувларни талаб этмоқда. Бу борада қонун ижодкорлиги субъектлари олдида нафақат мавжуд ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, балки истиқболда юзага келиши мумкин бўлган янги ижтимоий муносабатларни ҳам ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш вазифаси турибди.
Қонун ижодкорлиги фаолиятининг асосий макони
2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловлар натижасида парламентнинг янги таркиби шакллантирилди. Янги таркибдаги депутатлар корпуси олдида қонун ижодкорлигига янгича ёндашувларни жорий этиш, халқчил ва самарали қонунларни қабул қилиш каби муҳим вазифалар турибди.
Қонун ижодкорлиги ўзига хос мураккаб усул ва воситалар мажмуини талаб этадиган, жамиятда ҳуқуқ нормасига бўлган эҳтиёжни аниқлашдан то тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат кучга кириб, унинг ижроси мониторингини амалга оширишгача бўлган мураккаб ҳаракатларни ўз ичига оладиган тизимли жараён эканлиги барчамизга маълум.
Айтиш жоизки, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг шаклланишида қонунчиликнинг мақбуллиги, мукаммаллиги, халқчиллиги ва самарадорлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бир сўз билан айтганда, жамият ва давлат тараққиёти норма ижодкорлиги фаолиятининг сифатига боғлиқдир.
Шу сабабли, парламент фаолиятида ишлар янгича ёндашув асосида ташкил этилмоқда. Ўтган давр мобайнида парламентнинг қуйи палатаси томонидан норма ижодкорлиги бўйича илғор тажрибага эга 20 дан ортиқ ривожланган давлатлар, шу жумладан АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Жанубий Корея ва Туркия амалиёти ҳамда замонавий илм-фан ютуқлари чуқур ўрганилди ва таҳлил қилинди.
Янги чақириқ парламенти бу тажрибаларни инобатга олган ҳолда, янада самарали, халқчил қонунларни ишлаб чиқиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга ошириши кутилмоқда. 2022 йилда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган қонунлар сони 88 тани ташкил этган бўлса, бу рақам 2023 йилда 99 тага етди. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 98-моддасига мувофиқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун 2023 йилда жами 121 та қонун лойиҳаси киритилди. 2022 йилда эса бу кўрсаткич 120 тани ташкил этган.
Ўтган даврда сайловчилар, шу жумладан, партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, депутатларнинг қонунлар сифатига, концепциясига нисбатан талаби сезиларли даражада кучайди. Натижада муҳокама қилинган бир қатор қонун лойиҳалари жиддий мунозара ва баҳсларга сабаб бўлиб, овоз бериш якунларига кўра 4 та қонун лойиҳаси рад этилди ҳамда ташаббускор субъектга қайтарилди.
Парламент палаталарининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ўзаро муносабатларини мувофиқлаштириш, қонунларни қабул қилишдаги келишмовчиликларни бартараф этишда келишув комиссиялари алоҳида ўрин тутади. Ушбу комиссиялар қонунларни янада такомиллаштиришнинг муҳим механизмига айланмоқда. 2023 йилда Сенат томонидан рад этилган 2 та қонун бўйича Келишув комиссиялари тузилди ва уларнинг хулосасига кўра, қонунлар Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Янги таркибдаги парламент олдида халқимизнинг фаровонлигини юксалтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, одамларнинг кундалик ҳаётини яхшилаш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш каби муҳим йўналишлардаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлашга қаратилган устувор вазифалар турибди.
Олдимизда турган долзарб вазифалар
Ўзбекистонда қонунчилик фаолиятининг янги босқичда ривожланиши мамлакатимизнинг жаҳон ҳуқуқий ҳамжамиятига интеграциялашув жараёнларини жадаллаштирмоқда. Халқаро ҳуқуқий тузилмаларга интеграциялашув миллий қонунчилигимизни халқаро стандартлар ва талабларга мувофиқлаштиришни тақозо этмоқда. Бу борада “Қонун устуворлиги индекси”, “Жаҳон адолат лойиҳаси” каби нуфузли халқаро рейтингларда мамлакатимизнинг ўрни мунтазам яхшиланиб бормоқда.
Қонун ижодкорлиги соҳасида эришилган ютуқлар билан бирга, ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор долзарб вазифалар ҳам мавжуд. Жумладан:
Биринчидан, қонун ҳужжатларининг ижроси устидан парламент назоратини янада кучайтириш зарур. Бу борада замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда мониторинг тизимини такомиллаштириш, қонунлар ижросининг самарадорлигини баҳолаш методологиясини ривожлантириш лозим.
Иккинчидан, қонунчилик базасини тизимлаштириш ва кодификациялаш ишларини давом эттириш керак. Бу йўналишда бир-бирини такрорловчи ва эскирган қонун нормаларини бартараф этиш, соҳавий кодексларни қабул қилиш орқали қонунчилик тизимини оптималлаштириш зарур.
Учинчидан, қонун ижодкорлиги жараёнига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масаласи. Хусусан, қонун лойиҳаларини тайёрлаш, уларнинг таъсирини баҳолаш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёнларида замонавий дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш амалиётини кенгайтириш лозим.
Тўртинчидан, халқаро тажрибани чуқур ўрганиш ва миллий қонунчиликка самарали имплементация қилиш вазифаси. Бунда халқаро ҳуқуқий стандартларни миллий қонунчиликка уйғунлаштириш, илғор хорижий тажрибани миллий хусусиятларни инобатга олган ҳолда жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.
Бешинчидан, қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириш зарур. Жамоатчилик назоратини кучайтириш, қонун лойиҳаларини муҳокама қилишда фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш механизмларини такомиллаштириш лозим.
Олтинчидан, қонун ижодкорлиги соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш масаласи. Бу борада халқаро тажрибани ўрганиш, малака ошириш тизимини такомиллаштириш, хорижий экспертлар билан ҳамкорликни кучайтириш керак.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда қонун ижодкорлиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.
Бу ислоҳотлар пировард натижада мамлакатимизда ҳуқуқий давлат асосларини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, жамият фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Қонун ижодкорлиги соҳасидаги ислоҳотларнинг изчил давом эттирилиши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашув жараёнларини жадаллаштиришга замин яратмоқда.
Жавоҳир Сафаев,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси ҳузуридаги
Парламент тадқиқотлари институти
бош илмий ходими